Лицензия

Лицензиялаш тўғрисида:

Лицензиялаш учун асос бўлган қонунчилик ҳужжатлари:

  • Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ЎРҚ-701-сонли Қонуни.
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 80-сонли қарори.
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 майдаги “Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби, шунингдек, лицензия талаблари ва шартларини бузганлик учун қўлланадиган чоралар ва санкциялар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 301-сонли қарори.
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги “Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 707-сонли қарори.
  • Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 сентябрдаги “Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 190-сонли қарори.

Агентлик томонидан лицензияланадиган фаолият турлари:

  • Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш.
  • Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини лицензиялаш.

Лицензиялаш:

  • Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 июлдаги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ЎРҚ-701-сонли Қонунига асосан истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолият ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолият Агентлик томонидан лицензияланади.
  • талабгорларнинг лицензияларни ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тўғрисидаги аризалари, шунингдек уларга илова қилинган ҳужжатлар махсус электрон тизим воситасида ёки ЯИДХП орқали қабул қилиниши мумкин.

Лицензиянинг амал қилиш муддати:

  • Барча лицензиялар чекланмаган муддатга берилади.

  • Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни амалга оширувчи лицензия талабгорларидан талаб этиладиган ҳужжатлар.

  • алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тўғрисида ариза;
  • алкоголь маҳсулотларини сақлаш, қабул қилиш ва тарқатиш учун мўлжалланган бинога нисбатан мулк ҳуқуқини ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат ёки ижара шартномасининг нусхаси;
  • шакллантирилган устав фонди миқдори тўғрисида далолат берувчи ҳужжат нусхаси.

Алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

  • алкоголь маҳсулотларини сақлаш, қабул қилиш ва тарқатишни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга қатъий риоя қилиш;

  • алкоголь маҳсулотларини сақлаш, қабул қилиш ва тарқатиш учун мўлжалланган ва белгиланган талабларга жавоб берадиган бинога эгалик қилиш (ўз мулкида бўлиши, хўжалик юритишида, оператив бошқарувида бўлиши ёки ижарага олган бўлиши);

  • Агентликнинг истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмаси ҳажмини ҳисобга олиш ахборот тизимини (кейинги ўринларда — Ҳисобга олиш ахборот тизими) ишлатиш;

  • Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизимига интеграциялашган электрон ҳисобварақ-фактурадан фойдаланиш;

  • алкоголь маҳсулотларини олиб кириш ҳамда сотишга доир чекловларга, тўлов интизоми бўйича белгиланган талабларга риоя қилиш ҳамда ўз вақтида солиқларни ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек, йиллик лицензия тўловини тўлаш;

  • устав фондини базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваридан кам бўлмаган миқдорда пул маблағи кўринишида шакллантириш (доимий равишда таъминлаш);

  • алкоголь маҳсулотларини чакана савдоси билан шуғулланишга ва (ёки) чакана савдоси учун рухсат гувоҳномаси бўлмаган юридик шахсларга сотишга йўл қўймаслик, маҳаллий пиво маҳсулотлари, кўпикланадиган ва табиий винолар бундан мустасно;

  • алкоголь маҳсулотларига акциз маркаларини қўллаш тартибларига риоя этиш.

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятни амалга оширувчи лицензия талабгорларидан талаб этиладиган ҳужжатлар.

  • белгиланган шакл бўйича лицензия бериш тўғрисида ариза;
  • белгиланган шакл бўйича ишлаб чиқариш объектининг паспорти.

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишда лицензия талабларига қуйидагилар киради:

а) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришда(шу жумладан, сифати, сақланиши ва айланмасига риоя қилиш) қонунчиликка ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга қатъий риоя қилиш;

б) ишлаб чиқариш хавфсизлигини, меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлигини, ёнғин хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва экология талаблари ва нормаларини таъминлаш;

в) лизенцияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган зарур гувоҳномалар, мувофиқлик сертификатлари ва бошқа тегишли ҳужжатларнинг мавжудлиги;

г) ҳар бир маҳсулот тури учун техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан тасдиқланган, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган технологик йўриқномаларнинг мавжудлиги;

д) истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида тегишли малакага эга бўлган камида икки нафар мутахассис ҳамда техник этил спирти ишлаб чиқариш соҳасида бир нафар мутахассиснинг мавжудлиги;

е) зарур асбоб-ускуналар, приборлар, кимёвий реактивлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан жиҳозланган, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган барча зарур физик-кимёвий, микробиологик ва бошқа кўрсаткичларни анализ қилиш имконини берувчи ишлаб чиқариш лабораториялари мавжудлиги;

ж) истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг асосий ускуналарини мажбурий рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, унинг мулкдорларини Ишчи органда рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш, ишлаб чиқаришнинг техник ва технологик жараёнлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ўрнатилган йиллик ишлаб чиқариш қувватлари, шунингдек, муҳандислик-техник коммуникациялар ва ишлаб чиқариш цикли жойлашиши бўйича ҳужжатлардаги ўзгаришларни Ишчи орган билан олдиндан келишиш.

Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришни қонунчиликка ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ стационар ишлаб чиқариш иншоотлари ва ускуналарида амалга оширишга рухсат этилади;

з) Ишчи органда рўйхатдан ўтказиш орқали маънан ва жисмонан эскирган истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг асосий ускуналарини алмаштириш;

и) ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги бўйича истеъмол этил спирти ва алкоголь маҳсулотларининг органолептик хусусиятларини аниқлаш бўйича дегустация комиссиясига ҳар чоракда маҳсулот намуналарини тақдим этиш;

к) «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими (кейинги ўринларда — «Asl belgisi» МАТ) ҳамда истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ҳисобга олиш ахборот тизимини (кейинги ўринларда Ҳисобга олиш ахборот тизими деб аталади) жорий этиш ва фойдаланиш, шунингдек, электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактурадан фойдаланиш;

л) қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари савдоси қоидаларига риоя қилиш;

м) истеъмол ва техник этил спирти ишлаб чиқарувчи ташкилотларда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўл қўймаслик;

н) тўлов интизоми ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шунингдек, йиллик лицензия тўловлариниўз вақтида тўлаш бўйича белгиланган талабларга риоя қилиш;

о) ректификатланган истеъмол этил спирти ишлаб чиқарувчи ташкилотларда Агентлик қошидаги этил спирти сифатини аниқлаш лабораториясининг мавжудлиги;

п) ароқ ҳамда истеъмол этил спиртидан (узум ва резавор мева этил спиртидан ташқари) ароқ ва ликёр-ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 60 фоизидан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш. Бунда йиллик ишлаб чиқариш ҳажми абсолют алкоголга қайта ҳисоблаганда камида 100 минг декалитрни ташкил қилиши лозим;

р) ароқ ишлаб чиқармайдиган ташкилотларда истеъмол этил спиртидан (узум ва резавор мева этил спиртидан ташқари) ликёр-ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича мавжуд йиллик ишлаб чиқариш қувватларидан ўрнатилган қувватларнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда фойдаланилишини таъминлаш;

с) узумнинг мевали техник навларини етиштириш учун камида 100 гектар плантацияси ва вино-коньяк маҳсулотларини сақлаш ва етилтириш учун эман бочкалари мавжуд бўлган ташкилотлар томонидан табиий вино, виноматериаллар ва коньяк спиртлари ишлаб чиқариш ҳамда узумни қайта ишлаш фаолиятини амалга ошириш;

т) ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари томонидан уч йил ичида ўзининг техник узум навлари плантацияларини бир текис яратилиши ва келгусида вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқаришни ташкил қилиш. Бунда техник узум навлари экилганидан кейинги уч йилдан сўнг техник узум навлари плантацияларининг майдони ароқ ва (ёки) ликёр-ароқ маҳсулотларини йиллик ишлаб чиқариш ҳажмининг 75 фоизига мутаносиб келадиган вино материаллари ва (ёки) вино ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ҳосилни йиғиш имконини бериши керак;

у) ташкилотлар томонидан доимий равишда устав фондининг қуйидаги миқдорини таъминланиши:

истеъмол этил спирти ва ароқ ишлаб чиқарувчи ташкилотлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 000 баравари миқдорида ва ундан ортиқ;

бошқа алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар (узум ва меваларни бирламчи қайта ишлаш ташкилотлари бундан мустасно) учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 баравари миқдорида ва ундан ортиқ;

ф) барча истеъмол ва техник этил спирти ишлаб чиқариш ҳамда алкоголь маҳсулотларини қуйиш линияларида йиғма ҳисобга олиш маълумотлари кўрсаткичларини тегишли ҳимоялаш воситасига эга бўлган тайёр маҳсулотларни электрон ҳисоблагичларнинг мавжуд бўлиши.

х) алкоголь маҳсулотларининг товар белгиларини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги;

ц) истеъмол ва техник этил спирти ишлаб чиқарувчилар реал вақт режимида автоматлаштирилган кузатиш тизими (GPS) билан жиҳозланган (2021 йил 1 июлдан) ҳамда истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг айланмаси ҳажмини ҳисобга олиш ҳамда узумзорларнинг ягона реестри ахборот тизимига интеграция қилинган электрон ҳисоблагич ўрнатилган автотранспорт воситаларида (2022 йил 1 январдан) реализация қилишни амалга ошириши лозим.

Тамаки маҳсулотлари (барча классдаги сигаретлар, папирослар, сигаралар ва сигариллалар) ни саноат асосида ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи лицензия талабгорларидан талаб этиладиган ҳужжатлар.

  • лицензия бериш тўғрисидаги ариза (аризада қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисобварағи, фаолиятининг (ёхуд унинг бир қисмининг) лицензияланаётган тури);
  • юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
  • қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи ишлаб чиқариш объектининг паспорти:
  • ишлаб чиқариш объектининг бош режаси, шунингдек, ишлаб чиқариш цикли ва муҳандислик-техник коммуникацияларининг жойлашиши тўғрисидаги ҳужжатлари;
  • ускунанинг ишлаб чиқарилган йили, ишлаб чиқарувчиси ва ишлаб чиқарилган мамлакат;
  • ускунанинг техник ҳолати ва ўрнатилган ишлаб чиқариш қувватлари.


Қуйидагилар талабгорларга тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лицензиялар бериш учун лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

  • тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, техник регламентларга ёки стандартларга мажбурий риоя қилиш;

  • ишлаб чиқаришнинг тўлиқ технологик жараёнига риоя қилиш - бинолар яхлитлиги, хом ашёни пировард истеъмолчига сотиш учун тайёр маҳсулот этиб қайта ишлашни таъминловчи технологик асбоб-ускуналарнинг мавжудлиги;

  • тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришни техник назорат қилиш бўйича «Ўзстандарт» агентлиги органлари томонидан аккредитация қилинган лабораторияларнинг мавжудлиги;

  • тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришда техника хавфсизлигини, ёнғин хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва экология талаблари ва нормаларини таъминлаш;

  • рўйхатдан ўтказилган (патентланган) товар белгиларининг мавжудлиги;

  • маҳсулотнинг ҳар бир тури бўйича халқаро ва миллий стандартлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган технологик йўриқномаларнинг мавжуд бўлиши;

  • ишлаб чиқарилаётган тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда акциз маркалари билан маркалаш ҳамда идентификация воситалари билан мажбурий рақамли маркировкалаш учун асбоб-ускуналарнинг мавжуд бўлиши;

  • тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник регламентлар ёки стандартлар талабларига жавоб берувчи ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган тегишли сертификатларга эга бўлган, шу жумладан импорт қилинган тамаки хом ашёсидан фойдаланиш. Маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан тамаки хомашёсини сотиб олиш миқдорини тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган умумий йиллик ҳажмнинг 20 фоизидан кам бўлмаслиги лозим. Бунда маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинган тамаки хомашёсини ишлаб чиқаришда фойдаланиш талабгор томонидан мустақил ҳал қилинади. Маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан тамаки хомашёси сотиб олишга аванс бериш агротехнология тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш учун контракт суммасининг камида 50 фоизи миқдорида таъминланиши керак.

Лицензия талабгорининг аризаси кўриб чиқиш учун йиғим тўловини амалга ошириш бўйича реквизитлар:

Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги
манзил: 100008 Тошкент ш., Абай кўчаси-6
Молия вазирлиги Ғазначилиги СТИР: 201122919
Тошкент ш. Марказий банкнинг Тошкент ш. ХККМ. МФО 00014
ҳ/р 2340 2000 3001 0000 1010
ш/х 3027108608262773450901082
СТИР: 306 147 706 ИФУТ: 84111