Узумчилик тарихи
ЎЗБЕКИСТОНДА УЗУМЧИЛИК ТАРИХИ
Ўзбекистон Ўрта Осиё ҳудудининг марказий қисмида, 37010/ - 45035/ шимолий кенглик ва 56000/ - 73010/ шарқий кенгликда, ёки Европанинг Италия давлати билан бир хил географик кенгликда жойлашган.
Умумий майдоннинг 70 фоизини текисликлар, шарқда эса баланд ғарбий Тянь-шань ва Помир-Олой тоғ тизмалари эгаллаган.
Республикамиз иқлими кескин континентал температуранинг юқори тебранишига асосланган ёзда жудда иссиқ, қишда совуқ.
Мамлакатимизнинг географик жойлашуви, иқлим шароити, қуёшнинг фаол ҳарорат йиғиндиси 4000-5000 градусни ташкил қилганлиги, ҳосилдор суғориладиган ерлари ва шуни алоҳида айтиш керак, ўзига хос тоғ ва тоғолди ҳудудлари саноат миқёсидаги узумчиликни ривожлантиришга замин яратган.
Шу ерда қисқача тарихга эътибор берадиган бўлсак, геопалентологик ва ампелографик тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, узумчилик билан бизнинг ҳудудимизда 6 минг йиллардан аввал шуғулланишни бошлашган.
Исломгача бўлган зардуштийлик давридаги муқаддас “Авесто” китобида ҳам Марказий Осиёда яшовчи ҳалқлар узумчилик билан шуғулланганликлари ёзиб қолдирилган. Қолаверса, ўз даврининг қатор сайёҳ ва олимлари ҳам ўз кундалик ва асарларида ҳам ушбу масалага кўп бор тўхталиб ўтишган.
Ўрта асрларда яшаган, венециялик зодагон, саёҳатчи Марко Поло ўзининг кундаликларида “Самарқанд, Бухоро ва бошқа машҳур шаҳарлар атрофлари боғлар ва токзорлар билан ўралган. Бу ерларда маҳаллий ҳалқлар томонидан тайёрланган майларни ичиб кўрдим. Бу майларнинг тайёрланганлигига ўн йиллар бўлган, уларнинг сифати мени лол қолдирди. Бундай майларни мен олдин хеч қаерда ичмаганман” деб таъкидлаб ўтган.
Ҳозирги кунда республикамиз ҳудудларида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрида 50 та узум навлари мавжуд. Мана шу навлар ичида қадимдан ота-боболаримиз томонидан экилган, маҳаллий ҳалқимиз томонидан яратилган автохтон навлардан “Қора жанжал”, “Андижон қора” узуми, “Буаки нор”, “Буаки тош”, “Бишти”, “Қора кишмиш”, “Оқ кишмиш”, “Паркент” ва бошқа навлар ҳали ҳам ўз ўрнини йўқотмаган.
Собиқ Иттифоқ даврида Ўзбекистондаги токзорлар майдони Ўрта Осиё республикаларидаги узумзорларнинг жами майдонининг қарийиб 60 фоизини ташкил қилган. Узумчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Арманистон, Грузия, Молдавия давлатлари қатори юқори ўринларда турган. Собиқ Иттифоқда тайёрланган кишмиш ва майизнинг 85-90 фоизи бизнинг республикамизда тайёрланган. Биз бемалол, хеч қандай муболағасиз фахрланиб айтишимиз мумкинки, бизнинг ҳудудда етиштирилаётган хўраки ва кишмишбоп узумлар дунёнинг бошқа минтақаларида йўқ. Кейинги йилларда Республикамизнинг соҳамизга таалуқли илмий-тадқиқот муассасалари томонидан маҳаллий шароитларимизга мос, ҳосилдор, юқори сифатли маҳсулот етиштириш имконини берувчи “Гўзал қора”, “Ризамат”, “Кишмиш ВИРа”, “Кишимиш”, “Сўғдиёна”, “Кишмиш Хишрау”, “Тарнау” ва бошқа хўраки-кишмишбоп навлар, “Магарачский”, “Мускат Узбекистанский”, “Ташкентский”, “Рангдор”, “Олтиндай” навли техник узум навлари яратилди. Бу навлар ҳозирги кунда соҳибкорларимиз томонидан катта плантацияларда экилмоқда.
Республикамизда маҳаллий навлардан ташқари Франция, Италия, Германия, Грузия ва бошқа давлатлардан интродукция қилинган “Каберне Совиньон”, “Моратель”, “Хиндогни”, “Ркацители”, “Рислинг”, “Мускат Розовый”, “Мускат Венгерский”, “Алеатико” каби юқори сифатли вино, вино материаллар ва шампан винолари тайёрлаш имконини берувчи узум навлари экилмоқда
Хозирги кунда қишлоқ хўжалик корхоналари тасарруфида жами 90 минг гектар узум бўладиган бўлса, шунинг 84 фоизини хўраки ва кишмишбоп узумлар майдони ташкил қилади. Саноатбоп узумлар майдони 15 минг гектарни, ёки токзорлар умумий майдонининг 16 фоизини, шундан қимматбаҳо узум навлари 4-5 фоизни ташкил қилади.
Кейинги йилларда саноат узумчилигини ривожлантириш борасида қабул қилинган дастурларнинг ижобий натижасида 2018 йил якуни билан қарийб 2,0 минг гектар, 2019 йилда эса 3,5 минг гектар, 2020-2021 йиллар давомида 6,9 гектар саноатбоп навли токзорлар барпо қилинди.
Республикамизнинг аҳоли яшаш пунктларидан узоқда жойлашган 10 гектардан кам бўлмаган лалми ва фойдаланишдан чиққан ерларда узум плантацияларини барпо қилиш учун қайта тикланувчи, муқобил энергия (қуёш, сув, шамол) билан таъминловчи қуёш фотоэлектр станцияси ускуналарини сотиб олиш харажатларини (50 фоизи) 100 миллион сўмгача, суғориш тизимлари учун бурғулаш қудуғи ва насос станцияларини қуришга 120 миллион сўмгача, томчилатиб суғориш технологияси жорий этиш харажатларига базавий ҳисоблаш миқдори 8,0 миллион cўмни ташкил қилиб, энг сифатли кўрсаткичларда жорий қилинган томчилатиб суғориш тизими учун гектарига 11,8 миллион cўмгача ва энг муҳими музкур ишларнинг лойиҳалаштириш харажатларини қоплаш мақсадида 10 миллион сўмгача қисми субсидия кўринишида тўлаб берилмоқда.
Шу билан бирга, Замонавий кўчатхоналар ва сертификатланган узум плантацияларини барпо қилиш учун 10 йил муддатга 5 йил имтиёзли давр билан кредит маблағлари ажратиш йўлга қўйилмоқда.
Мазкур майдонларга кафолатланган сифатли ток кўчатларини таъминлаб бериш мақсадида, Республикамизда давлат-хусусий ҳамкорлик шартлари асосида замонавий кўчатчилик комплексларини ташкил этиш мўлжалланмоқда.
Амалга ошириладиган ишларнинг пировард натижасида соҳа корхоналари томонидан сифатли, винобоп узум хом ашёси етиштирилиши йўлга қўйилади.
УЗУМ – УЗОҚ УМР КЎРИШ ГАРОВИ, ТАБИАТ ИНЪОМ ЭТГАН ТУҲФА
Ток қимматбаҳо субтропик ўсимлик ҳисобланади. Унинг меваси ўзининг парҳезлик ва озиқалиги жиҳатидан инсон организми учун энг зарур маҳсулот ҳисобланади. Пишиб етилган узум таркибида, айниқса, кишмиш навларида 28-30% гача организм томонидан тез ўзлаштириладиган қандлар-глюкоза, фруктоза ва сахароза бор. Шунингдек, янги узилган узум таркибида инсон саломатлиги учун зарур бўлган олма, вино, лимон, қаҳрабо, шавел, чумоли ва бошқа бир қанча органик кислоталар, калий, кальций, фосфор, натрий каби минерал тузлар, мева пўсти таркибида ранг берувчи моддалар (пигментлар), ошловчи (дубил) моддалар бор.
Узум меваси А, С, Р, РР, В1, В2, В6, В12, каби витаминларга бой. В гуруҳ витаминлар, аминокислоталарнинг қандай миқдорда сақланиши узум навининг пишиш муддатига, ғужумларнинг уруғли ёки уруғсизлигига, ток тупининг ўсиш кучига, об-ҳаво шароитига ҳамда парвариш усулларига боғлиқ. Олимларнинг кузатишига қараганда, В гуруҳига мансуб витаминлар, аминокислоталар ва микроэлементлар кечпишар узум навларида кўпроқ тўпланар экан.
Узумнинг шифобахш хусусияти қадимдан маълум бўлиб, табобатда турли касалликлар (сил, камқонлик, кам қувватлик, ошқозон-ичак, сийдик йўли, юрак хасталиги ва ҳ.к.)ни даволашда кенг қўлланилган.
Узум шарбати, айниқса, ёш болалар ва кексалар учун бебаҳо озиқа. У организмда моддалар алмашинувини яхшилаш, қон томирларини кенгайтириш, жигар фаолиятини яхшилаш, юрак мускулларини озиқлантириш, қонни тозалаш ва кўпайтиришдек хусусиятларга эга.
К.В.Смирнов ва бошқа олимларнинг маълумотларига қараганда 1 л янги узум шарбатининг қуввати таққосланганда 1,7 л, сигир сутига, 650 г, мол гўштига, 1 кг, балиққа, 300 г, брынзага, 500 г, нонга, 3-5 дона тухумга, 1,2 кг картошкага, 3,5 кг, помидорга, 1,5 кг, олма, нок ёки шафтолига тенг келар экан.
Узумдан тайёрланадиган маҳсулотлар ишлатилиши ва тайёрланиш технологияси бўйича виночилик маҳсулотлари (вино, коньяк, шампан ва ҳ.к.); шарбат маҳсулотлари (табиий ва ярим фабрикат ҳолидаги шарбатлар ва ҳ.к.); концентратлар (узум асали, вакуум-сусло, бекмес ва ҳ.к.); консервалар (компот, маринада, мураббо, жем, узум пастаси ва ҳ.к.) ҳамда узумни дастлабки ишлашдан ҳосил бўлган чиқиндилардан иборат иккиламчи маҳсулотларга бўлинади. Масалан, узум турпидан озиқа уни, пўстидан вино кислотаси, бўёқлар, уруғидан танин, мой, шунингдек, узум дрожжаларидан спирт, озиқа дрожжалари, озиқ-овқат ва кондитер маҳсулотларини тайёрлаш учун фойдаланилади.
Токнинг бошқа мевали ўсимликларга нисбатан афзаллиги яна шундаки, уни кўпайтириш қулай, кўчати ўтқазилгач, 2-3- йили ҳосилга киради ва қулай шароитда яхши парвариш қилинса 100, ҳатто ундан кўп йил яшаб ҳосил бериши мумкин. Ток илдиз тизими бақувват бўлгани учун, у қурғоқчиликка анча чидамли. Ундан тоғ ва тоғ олди ерларини ўзлаштириш, қумли ерлар ва жар ёқаларини мустаҳкамлашда ҳам фойдаланиш мумкин. Уни бошқа мевали дарахтлар ўсишианча қийин бўлган шўрланган, тошлоқ, ер ости суви яқин (1-1,5 м) ерларда ҳам ўстириб ҳосил етиштириш мумкин.
Узумчилик аслида сердаромад соҳа. Районлаштирилган узум навлари жойнинг тупроқ-иқлими шароитларига тўғри танланиб жойлаштирилса, тупроққа ишлов бериш ва ўсимликнинг парвариши билан боғлиқ барча агротехника ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилса узумчилик ўсимликшуносликнинг юқори рентабелли, иқтисодий кўрсаткичлари юксак тармоғига
айланади.