Ўзбекистонда токчилик ва виночиликнинг ривожланиш тарихи

Ўзбекистонда токчилик ва виночиликнинг ривожланиш тарихи

image-000.jpg

Ўзбекистонда токчилик тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади ва кўп асрлик тарихга эга. Ўрта Осиё ер юзининг ажиб ўлкаси бўлиб, токчилик ва виночиликнинг энг қадимги ва ёрқин маданияти ўчоқларидан биридир.

Ўрта Осиёда юксак моддий маданият ва суғориладиган деҳқончилик, жумладан, токчиликнинг ҳам гуллаб-яшнаши форс цивилизацияси равнақ топган даврдаги Бақтрия, Хоразм ва Суғдиёнадаги қадимий давлат тузумларига таянган.

Зардуштийликнинг муқаддас китоби ҳисобланмиш “Авесто”нинг теридан ишланган қадимий саҳифаларида моддий ҳаёт неъматларини (улар сирасига чорвани кўпайтириш, суғориладиган деҳқончилик, токчиликдан тортиб йирик тадбиркорликкача киради) алоҳида аҳамият қаратилган. Виночилик олийжаноб иш ҳисобланган, табиийки, вино ичиш тақиқланмаган ва унга барча тантана ва байрамларда зарурий таомил сифатида қаралган. Вино ўша пайтда хукмрон бўлган зардуштийлик динининг маросимларидагина ишлатилиш билан чекланиб қолинмаган.

001.jpg

Қудратли Македониялик Александр Македонскийнинг 327-329 йиллардаги Форс (Эрон) мамлакатига қилган  машҳур юришлари ва Ўрта Осиёни забт этганидан сўнг бу ерда юнон-бақтрия маданиятининг диний ва аҳлоқий-миллий дунёқарашлари қулай тарзда шаклланиб, вино қадимги юнонларнинг маиший турмуши ва тантаналарида касб этган катта аҳамиятга боғлиқ равишда маҳаллий узумчилик ва виночиликнинг янгидан авж олишига олиб келди.

Эрамиздан аввалги II асрда Ўрта Осиёнинг кўпгина ҳудудларида бўлган хитойлик элчи Фарғонада ва ундан  ғарброқда жойлашган барча мамлакатларда маҳаллий аҳоли узумдан вино тайёрлашларини тасдиқлайди. Элчининг қайд этишича, улар ўз виносини ҳудди отлари йўнғичқани яхши кўришидек хуш кўрар эканлар. Аҳоли катта маҳорат билан улкан ҳудудларда ток ўстириши, бадавлат кишилар катта микдорда вино тайёрлаб, уни бузилишдан бир неча ўн йиллар мобайнида сақлашини ёзиб қолдирган.

Маҳаллий виночиликнинг ривож топгани тўғрисида археологик топилмалар (эгасининг номи битилган тоштахта-тарапанлар, вино сақланадиган йирик хумхоналар, узун жўмракли кўплаб йирик ва кичик кўзалар, винони юк ҳайвонларида ташиш учун мослаштирилган ён юзаси безатилган мустахора сопол идишлар), муқаддас матнлар ва қадимий қулёзма асарлар далолат берса, сўнгги йилларда олиб борилган  геопалеонтологик ва ампелографик тадқиқотлар эса токчилик Ўрта Осиёга тахминан 6 минг йил аввал ривож топа бошлаганидан ва ўша даврларда етарлича юксак виночилик маданияти мавжуд бўлганидан гувоҳлик беради.

Ўрта асрлик сайёҳ, бутун Ўрта Осиёни кесиб ўтган венециялик аслзода Марко Поло ўз кундалигида шундай деб ёзган:

- Самарканд, Бухоро ва бошка шахарлар боғу-узумзорлар билан безалган ажойиб мавзелар бўлиб, мен маҳаллий аҳолининг виносини ичишимга тўғри келган. Бир неча ўн йиллар давомида сақланган бу вино олий сифати билан мени лол қолдириб, илгари бунақасини ичиш менга насиб қилмаган эди.

002.jpg

003.jpgVII асрнинг охирига қадар Ўрта Осиёда токчилик ва виночилик кенг тараққий топганди. Аммо бу ҳудуднинг VII-VIII асрларда араблар томонидан истило қилиниши маҳаллий аҳоли динида туб ўзгаришларга сабаб бўлди. Ислом дини таъсирида Ўрта Осиёда виночилик таназзулга юз тутди. Шундан кейинги даврларда араб ҳукмронлиги узумнинг (мусаллас тайёрлайдиган навлари ўрнига) истеъмол ҳамда кишмиш-майизли навлари тарқалишида ширинлиги юқори узумлар қуритилган, шинни (қуйилтирилган узум шарбати) ва узум сиркасини катта миқдорларда тайёрланишида ўз ифодасини топди. Виночилик фақат айрим жойларда яширин тарзда сақланиб қолиб, мусаллас тайёрлашдан иборат эди.

004.jpgЎрта Осиёнинг (VIII аср бошларида) мўғуллар томонидан истило килиниши босиб олинган ерларда мислсиз вайронагарчиликларга олиб келди. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришича, кўплаб гуллаб-яшнаган воҳаларни “мўғуллар аёвсиз қатъият билан гўристонлар осойишталигига маҳкум этдилар”. Олтин Ўрда пароканда бўлиши билан Ўрта Осиёнинг асосий ҳудудларида суғориладиган деҳкончилик ва узумчилик тиклансада, аммо аввалгидек каби гуллаб-яшнаш даражасига етмади.

Ўлка табиатининг бой ва ранг-баранглиги, қуёшли кунларнинг кўплиги (фаол хароратлар йиғиндиси
4000-5000°Сни ташкил килади), узумнинг олий фазилатли навларини мавжудлиги ва суғориладиган ерларда мўл ҳосил бериши олий сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришда қуёш қувватини мужассам этган бу меванинг сарҳил навларини ҳам янги ва қуритилган кўринишда етиштириш, шунингдек, вино ва узумли ичимликларнинг анвойи турларини ишлаб чиқариш учун ноёб имконият ҳадя этганди.

Россиялик саноатчилар ва мутахассислар Туркистон ўлкасида узумчилик- виночилик соҳасини ривожлантиришга жаҳду-жадал билан киришдилар, секин-аста савдо тадбиркорлиги маҳаллий аҳолини ҳам қамраб олди. Шундай қилиб, бу ишга янги кишилар, россиялик хусусий шахслар ва банкларнинг сармояси кириб келди, шу тариқа, XVIII асрнинг ўрталарида Ўрта Осиёда винопазликнинг саноат асоси вужудга келди.

1867 йилда биринчи гильдия савдогари томонидан Тошкентда ароқ заводи қурилди. Кейинчалик у спирт ишлаб чиқаришни виночилик билан биргаликда юрита бошлади ҳамда узумдан ишланган виноларни ишлаб чиқаришда катта ютуқларга эришди. Первушин чиқарган винолар фақат ички истеъмол билан чегараланмасдан, балки бутун Россия бозорида ҳам сотиларди.

005.jpg

006.jpg

1868 йилда машҳур тадбиркор савдогар Д.Л.Филатов томонидан Самарқандда ўша пайт учун йирик ҳисобланган виночилик корхонасига асос солинди. Туркистон ўлкасида йирик виночилик корхоналари пайдо бўлиши билан бирин-кетин майда виночилик заводларининг сони ҳам ўса бошлади. Жумладан, 1908 йилда уларнинг сони 23 та бўлса, 1913 йилга келиб 27 тага етди.

1888 йилдан бошлаб бешта виночилик ёки коньяк заводлари ишлай бошлади. Шуни таъкидлаш лозимки, коньяк ишлаб чиқариш ҳам, ҳудди виночилик каби, ўша пайт учун технологиянинг юқори даражасида ва энг яхши хорижий ускуналар кўлланиб, Самарқандда, Д.Л.Филатов корхоналарида йўлга қўйилган эди. Экспертиза натижаларига кўра, ўша даврнинг обрўли намойишларида Первушин ва Филатовнинг винолари сирасида жуда юқори сифатлилари мавжуд эди.


007.jpg

Қадимий, туганмас ҳалқ селекцияси мероси бўлиб қолган узумнинг маҳаллий, ўзига хос “Ҳусайни”, “Беҳишти”, “Бахтиёри”, “Буаки”, “Сояки” ва бошқа навларининг тавсифи қизиқарли ва лўнда баён этилган. Шу билан бир қаторда, XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонда виночилик секин-аста тикланиши билан, Ўрта Осиё Россияга қўшиб олинганидан сўнг, келиб чиқиши Европадан ва Кавказдан бўлган навлар ҳам келтирила бошланди.

1895 йилда тузилган Туркистон қишлоқ хўжалик жамияти узумчилик, боғдорчиликни ривожлантиришга, Туркистон виноларини ўрганишга ва қалбакилаштиришга қарши кураш чора-тадбирларини ишлаб чиқишга катта таъсир кўрсатди. Р.Р.Шредер ушбу жамиятнинг вакили бўлиб, Туркистонда боғдорчилик ва узумчиликни саноат асосида оёққа туришида унинг ўрни беистисно улка бўлди.

1904 йилда Самарқандда бутун Туркистон ўлкасига хизмат кўрсатувчи боғдорчилик, узумчилик ва виночилик мактаби очилди.

1914 йилнинг августидан бошлаб вино сотилишининг тақиқланиши виночилик корхоналарининг ҳам, улар билан бирга қайта ишлаш учун узум етказиб берувчи хўжаликларнинг ҳам иқтисодини узил-кесил барбод қилди.

1924 йилда Ўрта Осиёда собиқ СССР таркибида Ўзбекистон Республикаси ташкил қилинди.


008.jpg

Шу вақтдан бошлаб узумчиликни сезиларли ривожланиши ва виночиликнинг жонланиши кузатилди. Ўзбекистонга қанчалик мураккаб бўлмасин, у узумчилик-виночилик соҳасини тиклаш ва такомиллаштиришга маблағ ажратишга қурби етди. Қатор мева-узумчилик хўжаликлари ташкил этилиб, уларда энг яхши истеъмол ва вино учун мўлжалланган навларнинг кўчатлари экила бошланди. Агрономия хизмати ва экинларни зараркунанда ҳамда касалликлардан ҳимоялаш йўлга қўйилди. Узумни қайта ишлашнинг ташкилий томонини яхшилаш ва узум қайта ишлаш шахобчалари қувватини ошириш борасида ишлар бошланди. Уларнинг асосида кейинги йилларда мустақил ҳисобланган Бухоро вилоятидаги “Шохруд” АЖ, Денов шаҳридаги “Денов вино-ароқ” АЖ, Шаҳрисабз шаҳридаги “Шаҳрисабз вино-ароқ” АЖ, ва бошқа вино ишлаб чиқарувчи корхоналари ташкил этилди.

009.jpg

1927 йилда жаҳонга машҳур виночилик соҳаси олими М.А.Ховренконинг ўзбекистонга келиши замонавий виночиликни тиклашда катта ижодий аҳамият касб этди. “Ўзбеквино” трестининг бош мутахассиси М.А.Ховренконинг қўл остида виночиликнинг юксак санъатини эгаллаб, унинг издошлари ва кўплаб шуҳрат қозонган вино турларининг ҳаммуаллифлари бўлмиш В.И.Крюков, Л.И.Туманянц, А.А.Абдуллаев, Н.С.Собиров, Е.С.Бурцев, К.К. Мукумбоев, Хазановский, И.С.Кац, С.В.Моталев, С.Х.Гайдаров,   Е.М.Буеверова, А.И. Володина, А. Г.Ольховский, Т.С.Солиев, Х.С.Юсупов, А.Н.Корноухов, В.К.Глянцева каби қатор таниқли мутахассислар етишиб чиқдилар.

М.А. Ховренко ва унинг виночилик мактаби жазирама кунда салқинлатувчи “Ҳосилот”, ёруғликда олтин ранг товланувчи “Ширин”, машҳур “Ўзбекистон” маркали виноси, хушбуй “Гуля-Кандоз”, шоколад таъмли “Каберне ликерное” ва бошқа кўплаб маркали виноларнинг қатор технологик схемалари ишлаб чиқилди.

Маркали виноларни яратишдаги ютуқлар уч асосий таркибий қисмларнинг омадли бирлашувининг ҳосиласидир. Булардан биринчиси виночиликнинг маҳорати бўлса, иккинчиси жой тупроғи ва иқлимининг ўзига хослиги ва ниҳоят, учинчиси - узум навини тўғри танлашдир.

М.А. Ховренконинг ижодий изланишлари ва соҳа фанининг бош маркази ҳисобланмиш “Магарач” институтининг собиқ Ўрта Осиё филиали олимлари, Шредер номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг экспериментал ишлари асосида илгари токчилик учун ноқулай ҳисобланган ҳудудларда узум етиштириш учун энг қулай тупроқлар ва такрорланмас микроиқлимлар аниқланди.

Кўп йиллик матонатли меҳнат Ўзбекистонда узумчиликни ҳудудий навлаштиришнинг батафсил режаларини ишлаб чиқишга имкон берди. Ушбу узумчилик ҳудудларини кенгайтириш борасидаги ғоят синчков изланишларга мувофиқ десертли, ярим ширин винолар ҳамда маркали брендилар учун виномтериалларни ишлаб чиқариш бўйича ихтисослашув амалга оширилди.

Жой рельефи ва шунга мувофиқ иқлимий ўзгаришларга боғлиқ равишда узум навларини технологик ўрганиш Тошкент вилоятининг шимолий-ғарбидаги Чотқол тизмаларининг тоғолди ва тоғли туманларида ажойиб истеъмол ва кўпикланувчи винолардан иборат винолар ансамблини тузишга имкон берди. Ҳақли равишда “Ўзбекистон Шампани” деб номланувчи бу ўлкада ўз табиий шароитлари бўйича олинаётган виноларнинг хушбўйлиги, яхши сақланиши ва таъм уйғунлиги жиҳатидан жуда яхши таъсир этиши мумкин бўлган микрорайонлар аниқланди.

010.jpg

Республика виночилик саноатида янги техникавий бурилиш 1956 йилда бошланди. Шу даврдан бошлаб аграр-саноат интеграцияси белгилари яққол намоён бўла бошлади. Асосий ишлаб чиқарувчи бўлган йирик хўжалик ва заводлар узум ишлаб чиқариш ва уни винога айлантириш фаолиятида бирлаштирилди. Виночиликда унуми паст агрегатларни юқори самарали технологик ускуналарга алмаштириш бошланди.

Мамлакатимизда кўп йиллар мобайнида виночиликда ривожаниб ва такомиллашиб борди. 1980 йилда Ўзбекистонда 13,6 млн. декалитр узум виноси ишлаб чиқарилди. СССР даврида Ўзбекистонда Ўрта Осиё токзорларининг 58% жойлашган бўлиб, мамлакатдаги кишмиш ва майизнинг 85% ишлаб чиқариларди.

Аммо Совет Иттифоқи давридаги алкоголизмга қарши кураш компанияси ушбу соҳага катта ва тузатилмас зиён етказди. Лекин, барча салбий омилларга қарамасдан, соҳа сақланиб қолди, фаолияти тўхтамади ва ҳозирги вақтга кадар ривожланиб келмоқда.

Бугунги кунга келиб Ўзбекистон Ўрта Осиёда узум ва уни қайта ишлаш маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Бу соҳа учун қулай бўлган иқлимий шарт-шароитлар қиш фаслида яхши сақланадиган, узоқ масофага ташишга мослашган, шунингдек, ҳар турли вино, шарбат, концентрат, коньяклар ва шампан виноларини ишлаб чиқаришда хом-ашё бўладиган кишмиш-майиз, истеъмол йўналишидаги кўплаб юқори сифатли навларни етиштиришга имкон беради.